"Математик инжиниринг" таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш бошланади

Янги ўқув йилидан ЎзМУ, СамДУ ва УрДУда математик инжиниринг таълим йўналишида кадрлар тайёрланади - вазирлик.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Янги ўқув йилидан ЎзМУ, СамДУ ва УрДУда математик инжиниринг таълим йўналишида кадрлар тайёрланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қабул квоталари тасдиқланди ва ҳужжат топшириш муддати ўзгартирилди

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 7 майдаги қарори вазифалари юзасидан республика саноат ишлаб чиқариш корхоналарининг техник-технологик масалалари ечимини математик усуллар ва моделлаштириш орқали ҳал этишга қодир бўлган малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги университетларда "Математик инжиниринг (ишлаб чиқариш соҳалари бўйича)" таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш бошланади:

- Ўзбекистон Миллий университети;

- Самарқанд давлат университети;

- Урганч давлат университети.

Мазкур йўналиш битирувчиларига "муҳандис-математик" ва "математика-механика ўқитувчиси" қўш (дуал) квалификациялари берилади.