Италия компаниясига Хоразмда осётр балиқларини кўпайтириш таклиф қилинди

Salmopan-Adamas Caviar - Европада ва Италияда машҳур бўлган Adamas Caviar икра маркасининг ишлаб чиқарувчиси ва балиқчилик саноатининг етакчиларидан биридир.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 июн - Sputnik. Онлайн музокаралар давомида Италиянинг Salmopan-Adamas Caviar компаниясига Хоразм вилоятида осётр балиғи ва қора икра ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳасини амалга оширишни ўрганиш таклиф этилди, деб хабар беради Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги.

Орол денгизи, аэродром ва ҳимоя ўрмонзорлари: ҳукумат қарори тайёрланди

Учрашув Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилди. Шунингдек унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази (ЦРИП) ва Khorazm Baliq Cluster компанияси вакиллари, ҳамда Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича эксперт Фариан Сабахи иштирок этдилар.

Музокаралари давомида компанияга Хоразм вилоятида балиқчиликни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида маълумот берилди. Вилоят балиқ ва балиқ маҳсулотларини етиштириш ва етказиб бериш ҳажми бўйича республикада учинчи ўринда эканлиги қайд этилди.

"Бундан ташқари, бир вақтлар Орол денгизида осётрларнинг мутлақо бошқача гуруҳи яшаган, - дея таъкидлади ЦРИП директори ўринбосари Мурод Мирзаев, - Ушбу лойиҳанинг аҳамияти, шунингдек, "шип" ва "лопатонос" йўқотилган осётр турларини қайта тиклаш имкониятидадир.

Онлайн учрашув натижаларига кўра томонлар муҳим кўрсаткичлар бўйича батафсилроқ маълумот алмашинуви, шунингдек, балиқ ва икра етиштириш соҳасида ҳамкорлик меморандумини олдиндан тайёрлаш тўғрисида келишиб олдилар.

Salmopan-Adamas Caviar  1988 йилда Шимолий Италиядаги табиий сувларда боқиладиган балиқлар популяциясини қўллаб-қувватлаш ва эксклюзив осётр икрасини олиш мақсадида ташкил топган. Компания Европада ва Италияда машҳур бўлган Adamas Caviar икра брендининг ишлаб чиқарувчиси ва балиқчилик саноатининг етакчиларидан бири ҳисобланади.