ТОШКЕНТ, 5 июн - Sputnik. Чехия ҳукумати Россия элчихонасининг икки вакилини чиқариб юбормоқда. Бу ҳақда матбуот-анжумани вақтида мамлакат бош вазири Андрей Бабиш баёнот берди.
Сиёсатчининг айтишича, ушбу қарор россиялик дипломатнинг Чехияга рицин оғусини олиб келиши билан боғлиқдир.
"Биз суверен давлатмиз ва бу каби акциялар бизлар учун номақбул. Ушбу ҳолатда биз шундай қарор қабул қилдик: Россия элчихонасининг икки вакили мамлакатда "персона нон-грата", дея эълон қилинди", - деб айтган бош вазир.
Россия элчихонаси Праганинг ушбу қарорини аввал бошдан асоссиз айбловларга йўғрилган нодўстона қадам ва "тўқилган фитна", дея баҳолаган эди. Дипмиссия Чехия томони қўллаган чоралардан ғоятда ҳафсаласи пир бўлганини ва ушбу ҳолат коллектив мулоқот учун майдонни янада торайтирганини таъкидлади.
"Оғу кўтарган дипломат" атрофидаги жанжал
Апрель ойи охирида Respekt нашри Прагага Россия паспортига эга аллақандай эркак кириб келгани ҳақида хабар берган эди. Журналистлар таъкидига кўра, у ўзи билан уч нафар маҳаллий сиёсатчиларни заҳарлаш мақсадида рицин оғусини олиб келган. Бу сиёсатчилар совет маршали Иван Коневнинг ҳайкали олиб ташланишига ва Россия элчихонаси олдидаги майдоннинг Борис Немцов шарафига қайта номланишига алоқаси бўлган.
Сал вақт ўтиб, чехия ОАВлари ўша эркакнинг исмини ошкор қилишади — улар версиясига кўра, у Россотрудничество ваколатхонасининг раҳбари вазифасини бажарувчиси Андрей Кончаков бўлган.
Прагадаги Россия элчихонаси ушбу хабарларни "чидаб бўлмас ва разил", дея атаб, дипмиссия вакилига полициячи қўриқчини бириктиришни сўраган. Сабаби, ОАВларда кенг тус олган шахсга нисбатан таъқиблардан сўнг Кончаков номига тахдидлар ёғила бошлаган.
Далилсиз айблов
Россия президенти матбуот-котиби Дмитрий Песков чехия ОАВларининг хабарлари навбатдаги ёлғонга ўхшашини таъкидлаган бўлса, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва Чехияда кимнидир заҳарлашга урингани борасида ҳеч ким негадир далилларни тақдим этмаётганига эътибор қаратган.
Чехия президенти Милош Земан ҳам заҳарлашга уриниш борасидаги хабарлар ҳақиқатлигига шубҳа билдирган, бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ИИВ раҳбари Ян Гамачек эса полиция ва махсус хизматлар, афтидан, ҳеч қандай исбот-далилга эга эмаслигини тан олган.
Россия Федерация кенгаши халқаро масалалар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Владимир Жабаров РИА Новостига берган интервьюсида Чехия томонидан Россия элчихонасининг икки ходими "персона нон-грата" сифатида эълон қилиниши икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишига олиб келишини айтди.
Россия Праганинг ушбу қарорига муносиб жавоб қайтаради, дея таъкидлади Жабаров.