Масжидлар очилиши санасига аниқлик киритилди

Махсус комиссия қарори билан 5 июндан бошлаб “яшил” ҳудудларда диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши маълум қилинган эди. Бироқ уларнинг очилиш санаси борасида қўшимча изоҳ берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Диний муассасалар, масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат “яшил” ҳудудларда фаолиятини бошлайди. Бу борада Республика махсус комиссиясининг изоҳи эълон қилинди.

Қайд этилишича, хавфсизликни таъминлаш учун ушбу масканларда 5-8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилади.

Масжидларда санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда (ҳимоя ниқобларини мажбурий кийиш шарти билан), ижтимоий масофа сақлаган (ташриф буюрувчилар орасидаги масофа камида 1, 5-2 метр) ҳолда намоз ўқиш мумкин бўлади.

Енгиллаштирилган карантин: қайси талаблар сақланиб қолинмоқда?

Бироқ, фуқароларнинг касалликни номаълум манбалардан юқтириши ва аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирча оммавий диний тадбирлар (жума намози, якшанба ибодатлари ва бошқалар) ташкил этиш тақиқланади.

Аввалроқ 5 июндан бошлаб “яшил” ҳудудларда диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши маълум қилинган эди.