ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистонда 5 ва 15 июндан каранин чоралари енгиллаштириб, қатор муассасалар фаолиятига рухсат берилмоқда.
Шу билан бирга барча ҳудудларда уларнинг тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақланиб қолинмоқда:
- жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиши;
- таълим ташкилотлари (мактаб, лицей, коллеж, техникум, институт, университет ва бошқалар) фаолиятини йўлга қўймаслик;
- кўнгилочар объектлар — тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
- концерт, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;
- жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;
- деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
- барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
- қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш.
“Қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, “яшил” ва “сариқ” тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, карантин шароитида умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича вақтинчалик тартиб ҳамда карантин шароитида рухсат берилган фаолият тури билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларида санитария-эпидемиологик назоратни амалга ошириш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Шу билан бирга, Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига фаолияти тикланаётган соҳаларда ва тадбиркорлик субъектларида карантин талаблари, санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш топширилди.