ТОШКЕНТ, 3 июн - Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимидан кейин баъзи шаҳарларда пайдо бўлган тартибсизликлар фонида АҚШда тизимли ирқчилик мавжудлиги ва барча одамларнинг тенглиги йўқлигини айтди.
"(АҚШда - таҳр.) институционал ирқчилик мавжудлиги ва бу мамлакатда ҳамма учун тенглик йўқлиги ҳақиқатдир. Менимча, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ", - деди Конуэй. Унинг сўзларидан Washington Examiner иқтибос келтиради.
"Адлия вазирлиги федерал даражада терговни бошлаганидан жуда хурсандман. Кўрамиз, бундан нима келиб чиқади", - деди Конуэй.
Шу билан бирга, у Флойдга нисбатан содир бўлган воқеани қотиллик деб атади.
Аввалроқ Россия ТИВ вакили Мария Захарова АҚШдаги мавжуд вазиятни шарҳлар экан, " XXI аср 2020 йил май ойининг охири - июнь ойи бошидан бошлаб", улар (АҚШ-таҳр.) "сайёрамиздаги ҳар кимга инсон ҳуқуқлари бўйича изоҳ бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишларини" айтди.
"Бас, ҳозирги пайтдан уларда бундай ҳуқуқ энди йўқ. Ўйлайманки, улар яқинда Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқиб кетишгани бежиз эмас, эҳтимол, улар буни олдиндан билишган", - дейди Захарова.
Афроамерикалик Жорж Флойд полиция қўлидан ҳалок бўлганидан кейин Миннеаполис ва бошқа бир қатор шаҳарларда оммавий тартибсизликлар бошланди. Интернетда полициячилар Флойдни кишанлаб уни йиқитгани, улардан бири эса унинг бўйнини тиззаси билан босиб олгани тасвирланган видеолар пайдо бўлди. Ёзувда қўлга олинган аввал бир неча маротаба нафас ололмаётганини айтади, кейин ҳушидан кетади. Эркак жарроҳлик бўлимида вафот этди. Тартибсизликлар бошланганидан кейин тўрт нафар полициячи ишдан бўшатилди, улардан бири эҳтиётсизлик билан одам ўлдиришда айбланди.