Тожикистон МХДҚ Қирғизистон билан чегарадаги отишма сабабини айтди

Қайд этилишича, чегарадаги отишма натижасида 19 ёшли тожикистонлик ҳарбий хизматчи оёғидан ярадор бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон билан чегарада юзага келган вазият юзасидан баёнот берди.

Мамлакат МХДҚ Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабарига кўра, қирғиз томони Тожикистон билан чегарада илгари имзоланган битимларни бузган. Якшанба куни Чичилик қишлоғидан бўлган қирғиз чўпонлари чегарани кесиб ўтиб, Суғд вилояти ҳудудига ўтган.

Чегараолди режими бузилиши Пули Офтобрўя қишлоғи аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган ва улардан Тожикистон ҳудудини тарк этишларини сўрашган.

Тожик-қирғиз чегарасида отишма рўй берди

“Қирғиз томони чегаранинг баҳсли ҳудудлари чизиғини белгилайдиган икки томонлама битимга риоя қилмасдан ҳодиса жойига чегарачиларнинг қўшимча кучини жўнатган ва улар Пули Офтобрўянинг қуролсиз одамларига қарата ўт очган”, - дейилган хабарда.

Қайд этилишича, отишма натижасида 19 ёшли тожикистонлик ҳарбий хизматчи оёғидан ярадор бўлган.

Тожик томони қирғиз чегарачиларининг ушбу провакацион хатти-ҳаракатларини давлат чегарасидаги вазиятни сунъий беқарорлаштиришга уриниш деб баҳолаган.

Ҳозирги вақтда Қирғизистон ва Тожикистоннинг тегишли орган вакиллари вазиятни нормаллаштириш учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида навбатдаги қисқа отишма содир бўлгани хабар қилинган эди. Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабарига кўра, қирғиз чегарачилари Баткент вилояти ҳудудида Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолисининг мол боқишга бўлган уринишини олдини олишган. Шунингдек, тожик томонидан номаълум шахслар қирғизистонлик чегарачиларга қарата ўт очгани айтилган эди.