ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Бугун, 24 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон нашри мамлакат Давлат чегара хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Қирғиз томонининг хабарига кўра, чегарачилар Баткент вилояти ҳудудида Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолисининг мол боқишга бўлган уринишини олдини олишган.
“Соат 11:40 да Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида қисқа отишма содир бўлди. Қирғизистон чегарачилари томонидан жабрланганлар йўқ”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, соат 12:20 да воқеа жойига етиб келган икки давлат чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтган. Ҳозир қирғиз-тожик чегарасининг ушбу ҳудудида вазият барқарор. Томонлар ушбу ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Тожик томонининг ҳодиса билан боғлиқ баёноти ҳозирча эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, 8 май куни ҳам тожик-қирғиз чегарасида можаро юз берган эди. Натижада Қирғизистон Тожикистон элчисига, Тожикистон эса Қирғизистон элчисига протест нотасини топширган эди.