Солиқ хизмати ходимлари қарздорларни GPS орқали аниқлаши мумкин

Ўзбекистонда мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги бор шахсларни GPS орқали аниқлаш имконияти яратилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистонда Солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизими (САЙТ) жорий этилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ходимида коронавирус аниқланди

Қайд этилишича, ушбу лойиҳа 2019 йилда Наманган вилоятида синов тариқасида жорий этилган.  Ҳокимият органлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг ошириб бажарилган қисмидан 1 959 дона терминал сотиб олиш учун 8,4 млрд. сўм маблағ ажратилган.

САЙТ дастури орқали солиқ тўловчига берилган чек одатдагидан фарқ қилади. Унда солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар, шунингдек, солиқ хизмати органи ходимининг маълумотлари мавжуд бўлади ва солиқ тўловчининг мобил телефон рақамига солиқ тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида SMS хабар ҳам боради.

“Бундан ташқари, инспектор ҳудудидаги мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги мавжуд жисмоний шахсларни навигатор тизими (GPS) орқали аниқлаш имконияти яратилган”, - дейилган хабарда.

САЙТ терминалларини ишлатишнинг кейинги босқичида ҳужжатсиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, кадастри мавжуд бўлмаган объектлар ва ижара шартномаси тузмаган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириб, қонуний ишлашга ўтишини назорат қилиш модули ишга туширилиши режалаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, САЙТ тизими республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши 2020 йилда маҳаллий солиқлардан қўшимча 285 миллиард сўм маблағ тушириш имкониятини беради. Бу эса терминаллар учун сарфланган маблағларга нисбатан 35 бараварга кўпдир.