ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Россия олимлари коронавирус билан касалланганларни даволаш учун дори ишлаб чиқиб, уни синовдан ўтказишди. Бу ҳақда “Вести” хабар қилмоқда.
“Авифавир” деб номланган дорининг биринчи партияси касалхоналарга жўнатилган ва у ўзининг самарадорлигини кўрсатган.
Таъкидланишича, ушбу дори тавсия қилинган COVID-19 беморлари икки марта тезроқ тузалиб кетган.
“Ушбу дори касаллик енгил даражада кечаётган вақтда “тутган” беморларимизда жуда самарали. Пневмания аломатлари ва ўлчами кичрайиб, ортга қайтади”, - дейди Россия президенти ишлари бошқармаси Марказий клиник шифохонасининг кардиологи Никита Ломакин.
Даволаниб чиққан бемор Ольга Сорокина ўз кечинмалари билан ўртоқлашган. У ушбу дори тайинланган биринчи беморлардан бири бўлган.
Аёл 40 даража ҳарорат ва ўпка яллиғланиши билан касалхонага ётқизилган. Унинг сўзларига кўра, унга биринчи кундан “Авифавир” беришни бошлашган, учинчи куниёқ у ўзини яхши ҳис қила бошлаган.
Ушбу дорини ичганларнинг бешинчи куни COVID-19га топширган тести манфий чиққан. Дорининг клиник тадқиқотлари икки ҳафтадан сўнг якунланиши айтилмоқда.
Шу тариқа, Россия дунёда COVID-19га қарши самарали дори ишлаб чиқарган уч давлатдан бири бўлади. Бугунги кунга қадар Япония (“Фавипиравир” дориси, аммо уни топиш қийин) ва АҚШ (“Ремдизивир”, дори касаллик давомийлигини 15 кундан 11 кунга камайтиради) самарали дори ишлаб чиқарган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирус билан боғлиқ ҳолат 5,3 миллиондан ошиб кетган. 342 мингга яқин киши ушбу вирус қурбони бўлган. 2,1 миллиондан зиёд киши эса тузалиб кетган.