ТОШКЕНТ, 22 май - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3006 нафарга етди.
"Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 6 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 28 нафари эса аҳоли орасидан қайд этилди", - деб хабар қилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Аҳоли орасидан аниқланган ҳолатларнинг 13 нафари Самарқанд, 15 нафари эса Навоий вилоятларига тўғри келади. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган.
Айни пайтда 2407 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайган. Ҳозирда Ўзбекистонда 586 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғир.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бир сутка ичида дунё бўйича COVID-19га чалинган беморлар сони 103 мингга ошиб, 4,9 миллион нафарга яқинлашган. Сутка давомида 4,4 мингдан зиёд инсон вафот этган.