ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ЕвроОсиё иқтисодий интеграциясини 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясининг асосий вазифаларини эълон қилди.
Россия етакчиси ЕвроОсиё иқтисодий Олий кенгашининг видеоконференция шаклида ўтган йиғилишда нутқ сўзлади.
“Лойиҳада товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг умумий бозорини шакллантиришни ниҳоясига етказиш, божхона ва маъмурий тартибга солишни такомиллаштириш ва рақамли маконни яратиш бўйича комплекс вазифалар қўйилган. Шунингдек, унга иқтисодиётнинг юқори самарали тармоқларида қўшма кооператив лойиҳаларни бошқариш тизимини яратиш киради”, - деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, стратегия импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлар чиқариш жараёнларини фаоллаштириш, саноатни маҳаллийлаштириш ва юқори интеграцион таркибий қисмга эга бўлган қўшма ташаббусларни илгари суриш учун асос яратади.
ЕОИИ давлатларида озиқ-овқат хавфсизлигини, биринчи галда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, бошқа ўта муҳим маҳсулотларини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши керак.
Стратегия ЕОИИ давлатларининг илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутади. Касбий ва университет таълими, кадрларни тайёрлаш, академик ҳаракатчанликни ошириш ва кўп томонлама таълим дастурларини жорий этиш бўйича йирик қўшма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
“Умуман олганда, назаримизда, ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқининг яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган курсини белгилаб берувчи кенг кўламли ҳужжат бўлди. Унинг қабул қилиниши интеграцияни чуқурлаштириш, иқтисодиётларимизни яқинлаштириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади”, - деб қўшимча қилди Россия президенти.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг кузида республиканинг ЕОИИга қўшилиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берганди.
Май бошида Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси - сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕОИИда "кузатувчи давлат" мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди. Мазкур масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
ЕОИИ - 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатувчи, халқаро интеграция иқтисодий бирлашма ҳисобланади. Иттифоқ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради.