ТОШКЕНТ, 15 май - Sputnik, Лев Рыжков.Sputnik мигрант ўзида янги коронавирус инфекцияси борлигини сезган тақдирда ўзини қандай тутиш кераклигини ўрганди.
Қаерга мурожаат қилиш керак?
Агар сизда йўтал бошланган бўлса, ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, иситмангиз кўтарилиб кўкрагингизда оғирлик ва ноқулайлик ҳисси пайдо бўлса, биринчи навбатда тўғридан-тўғри яшаш жойингиздаги ишонч телефонига қўнғироқ қилинг.
Коронавирус марказининг телефон рақамини ёки манзилини қандай аниқлаш мумкин? "Яндекс", "Гугл" ёки бошқа ҳар қандай қидирув тизимида сўров киритинг: "Коронавирусный центр" (Коронавирус маркази - Sputnik.). Сиз яшайдиган жойга яқин метро бекати ёки кўчангиз номини киритинг. Масалан, Москвада коронавирус марказлари ҳар бир туман поликлиникасида ташкил этилган.
Агар сизнинг аҳволингиз тез ёмонлашса, тез ёрдам чақиринг. Оператор эътиборини одатдаги эмас, балки коронавирус тез ёрдамига муҳтож эканлигингизга қаратишингиз керак. Оддий тез ёрдам машинаси сизни касалхонага олиб кетмайди, чунки уни бунга ҳаққи йўқ. Бироқ, операторнинг сизга ёрдам беришдан бош тортишга ҳаққи йўқ. Фуқаролик ёки тиббий суғурта полиси бор-йўқлиги тиббий ёрдамни рад этишга сабаб эмас.
Агар энг яқин коронавирус марказига ўзингиз етиб боришга қарор қилсангиз, унда у ерга кириш жойи, қоида бўйича, поликлиниканинг умумий кириш жойидан алоҳида жойлашганини ёдизда турсин. Аммо уйга шифокорларни чақириш афзароқдир.
Коронавирус марказида сизда ўпканинг компьютер томографияси ўтказилиши шарт. Бу фуқаролиги, рўйхатдан ўтганлиги ва мажбурий ёки ихтиёрий тиббий суғурта полислари мавжудлигидан қатъи назар, бепул амалга оширилади. Агар сизда полис бўлса, унда сизга керакли дорилар тўплами бепул берилади. Агар полис бўлмаса, унда уларга рецепт ёзиб беришади.
Коронавирус марказида мигрант энг муҳим ҳужжат - ўз-ўзини яккалаш тўғрисидаги маълумотномани олиши шарт, бу бир қатор имтиёзлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Улар мавжуд.
Беморнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Кейин, ўз-ўзини яккалаш маълумотномани телефонингизга суратга олиб WhatsApp мессенджери орқали мигрантларнинг Ягона коронавирус марказига юборишингиз керак. Ушбу фотосурат асосида Мигрантлар федерацияси томонидан сизга икки ҳафталик озиқ-овқат тўплами ва керак бўлса дори-дармонларни тақдим этади. Буларнинг барчасини марказнинг кўнгиллилари тўғридан-тўғри уйингиз остонасига етказиб беришади.
Агар сиз квартирада, ётоқхона ёки ҳостелда ёлғиз яшамасангиз, унда сизнинг оила аъзоларингиз ва қўшниларингиз ҳам ўз-ўзини яккалашга ўтадилар, чунки ҳужжатларга кўра сизнинг яшаш жойингиз рўйхатдан инфекциянинг ўчоғи сифатида ўтади. Ижобий томони: сизнинг қўшниларингиз ва оила аъзоларингиз ҳам озиқ-овқат тўпламига эга бўладилар. Худди шундай икки ҳафталик.
Муҳим: коронамарказда сиз ҳеч кимга ҳеч нарса тўламайсиз. Шифокор қабули, компьютер томографияси ва дори-дармонлар бепул. Шунингдек, ҳудудий шифокорнинг уйингизга ташрифи ҳам бепул.
Кўплаб мигрантлар агар коронавирус инфекцияси ташхиси тасдиқланса, улар ишдан бўшатилишидан ёки яшаш жойини бўшатиб қўйишни талаб қилишларидан ёки барчасини бирга рўй беришидан қўрқишади. Қонун бўйича ҳеч ким касал одамларни уйидан чиқариб юборишга ёки ишдан бўшатишга ҳақли эмас. Агар сиз ишга расмий равишда жойлашган бўлсангиз ва сизда уй-жойнинг ижараси шартномаси бўлса, ҳеч ким сизга қарши санкцияларни қўллашга ҳақли эмас.
Шифокорга боришдан қочишнинг ҳожати йўқ, чунки сиз қонун билан белгиланган тест синовларидан ўтасиз. Агар ташхис тасдиқланса, тестлар уч марта ва бепул ўтказилади.
Шуни ёдда тутингки, энди кўплаб иш берувчилар коронавирус тестининг натижаларисиз мигрантларни ёллашмаяпти. Тижорий асосида ушбу тест синовларидан бир маротаба ўтиш нархи 1900 дан 2400 рублгача.
Бундан ташқари, коронамарказда компьютер томографияси натижаларига кўра, шифокорлар касалликнинг оғирлигини аниқлайдилар. Тадқиқот натижаларига қараб, қаерда даволанишингиз тўғрисида қарор қабул қилинади. COVID-19 вируси билан касалланиш оғирлигининг уч даражаси мавжуд. Биринчи ва иккинчисида сизни уйда ўз-ўзини яккалаш шароитида даволашади. Учинчи, энг қийин босқичда, сиз фуқаролигингиз ёки рўйхатдан ўтганлигингиздан қатъий назар касалхонага ётқизиласиз.
Агар сиз сунъий нафас олиш ускунасига уланишингиз керак бўлса, унда бу фақат шифохонада амалга оширилиши мумкин. Шунингдек у ҳам фуқаролигидан қатъи назар, мутлақо бепул амалга оширилади.