ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. “Адолатли Россия” партияси етакчиси Сергей Миронов коронавируснинг асосий хавф гуруҳига меҳнат мигрантлари тушиб қолган деб ҳисоблайди. Шунинг учун ССВ ва ИИВ коронавирусни мигрантлар орасида аниқлашни таъминлаши зарур.
“Меҳнат мигрантлари бугунги кунда жуда катта ва ёмон назорат қилинадиган коронавируснинг хавф гуруҳини ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги ишидан ажралди, бироқ чегаралар ёпиқлиги туфайли мамлакатни тарк эта олишмайди, уларни чиқариб юборишнинг иложи йўқ”, - дея Миронов сўзларидан иқтибос келтирган партия матбуот хизмати.
Депутатнинг таъкидлашича, ўз ҳолига қолган мигрантлар кейинчалик нафақат тиббий, балки криминоген хатарларни туғдиришлари мумкин.
Мироновнинг сўзларига кўра, ҳозир кўпчилик мигрантлар етказиб бериш, такси, савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлашни давом эттирмоқда.
Унинг фикрига кўра, айнан шу хавф туғдиради.
У мигрантлар ҳар доим ҳам ўзини яккалаш ҳаёт тарзига амал қилмайди, кўпчилик бўлиб туришади, бир-бирлари ва атрофдагиларига касалликни юқтиришлари мумкин деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, унинг фикрига кўра, иш берувчилар мигрантлар соғлиғини жиддий назорат қилмайди. Шу боис мигрантларни назорат қилиш тизимини яратиш лозим.
Миронов пандемияга қадар ҳам мигрантлар мажбурий тиббий суғурта тизими билан таъминланмаганига эътибор берган.
“Муаммога ҳам федерал, ҳам минтақа ҳукуматлари алоҳида эътибор қаратишлари зарур. ССВ ва ИИВ бўлинмалари томонидан мигрантлар орасида касалланганларни назорат қилиш, аниқлаш ва изоляция қилиш чоралари лозим”, - дея қайд этган депутат.
У яқин кунларда тегишли вазирликка мигрантлар устидан назорат таклифини кўриб чиқишни сўраб, илтимоснома юборишини қўшимча қилган.