Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочишга уринган маст аёл ҳақида маълумот берилди

Интернетда тарқалган видеода ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия хизматчиси маст аёлни тинчлантирмоқчи ва патруль автомобилига миндирмоқчи бўлганлари акс этган. Аёл эса уларни ҳақоратлаб, қочишга уринган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. ИИББ Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочишга уринган маст аёл билан боғлиқ воқеа юзасидан изоҳ берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ва телеграм каналларида тарқалган видео тарқалган эди. Унда ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия хизматчиси спиртли ичимлик таъсири остида бўлган аёлни тинчлантирмоқчи ва патруль автомобилига миндирмоқчи бўлганлари акс этган. Шу билан бирга аёл ходимларни ҳақоратлаётгани ва қаршилик қилиб, қочишга уринаётгани ҳам акс этган.

ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, 12 май кунидан 13 майга ўтар тунда соат 1:00 да Учтепа тумани 12-квартал ҳудудини патруллаш давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ бригадаси 4-батальони 4-отряди инспектори катта сержант Н.Т. йўлнинг четида ўтирган аёлни кўриб қолган. Аёлга йўл четида ўтириш хавфсиз эмаслигини бир неча бор тушунтиргандан сўнг уни тротуарга ўтказмоқчи бўлган. Аммо аёл қичқиришни бошлаб, йўлдан тротуарга ўтишдан бош тортган.

ЙПХ ходимига бўйсунмай “тунги капалакларни” олиб қочгани айтилган ҳайдовчига чора кўрилди

Ушбу ҳолат ҳақида катта сержант рация орқали Учтепа тумани ИИО ФМБ 8-сон ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига маълум қилган. Воқеа жойига тез орада Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 4-батальони 3-отряди ходими сафдор Ш.М ва Миллий гвардия хизматчиси Х.Р.лар етиб келишган.

Аёл 8-сон ИИБ га олиб борилганда, у қашқадарёлик 33 ёшли М.И. эканлиги, муқаддам бир неча бор маъмурий жавобгаликка тортилганлиги ойдинлашган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан аёлга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддаси 2 қисми (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”), 183 моддаси (“Майда безорилик”) ва 194 моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) билан баённома расмийлаштирилган.

Иш судга оширилган.