ТОШКЕНТ, 12 май - Sputnik. Интеллектуал мулк агентлигида сув омборлари учун дастурий таъминот рўйхатдан ўтказилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
"Иншоотнинг мустаҳкамлигига таҳдид солувчи авариявий вазиятларни аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижасида сув омборини тўлдириш ва бўшатиш учун дастур ишлаб чиқилди", - дейилади хабарда.
Дастур сув сатҳининг максимал меъёрдан ошмаслигини таъминлайди ва сув омборининг иш режимини юқори аниқлик билан бошқаради.
Дастур муаллифлари – Фурқат Ғаффаров, Азамат Исмоилов, Адҳам Боймуродов ва Анвар Ҳуррамовларга Ўзбекистоннинг "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида" ги Қонунига мувофиқ, DGU 07858-сонли гувоҳнома берилди.