Ўзбекистон ва Хитой ТИВ раҳбарлари бўлажак олий даражадаги тадбирларни муҳокама қилди

Суҳбат давомида коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Олий ва юқори даражадаги тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари кўп томонлама Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашнинг муҳимлигини қайд этдилар.

Абдулазиз Камилов Хитой делегациясини қабул қилди

Таъкидланишича, эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши билан ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини, Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг соҳавий кичик қўмиталари йиғилишларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Карантин чекловлари шароитида икки томонлама алоқаларнинг долзарб жабҳаларини муҳокама қилиш учун ҳамкорликнинг янги форматларидан фаол фойдаланишга келишиб олинди.

Вазирлар коронавирус инфекцияси пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, улар Афғонистонда тинчлик музокаралар жараёнини бошлашга кўмаклашиш механизмларини ҳам алоҳида кўриб чиқдилар.

БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро структуралар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.