Тошкент вилоятида кўчада бир пакет марихуана кўтариб юрган шахс қўлга олинди

Эркак гиёҳвандлик моддасини полиэтилен пакет ичига солиб, кўчада олиб кетаётганида Чиноз тумани ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Тошкент вилоятида кўча бўйлаб бир пакет гиёҳвандлик моддасини олиб юрган шахс ушланди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Андижонда 21 кило марихуана сотган "боғбон" қўлга олинди

Ҳодиса жорий йил апрель ойида юз берган. 52 ёшли З.А. тумандаги кўчалардан бирида пиёда кетиб бораётган вақтида шубҳа остига олинган ва Чиноз тумани ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган.

Холислар иштирокида эркак қўлида бўлган полиэтилен пакет ичи кўздан кечирилганда, унда хўл ҳолдаги "марихуана" гиёҳвандлик воситаси аниқланган.

Гиёҳванд модда оғирлиги вазни 1055,94 грамм бўлган.

Ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми "а" банди (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган, З.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.