Мирзиёев Сирдарёда йиғилиш ўтказди

Йиғилишда фавқулодда ҳодиса ва унинг оқибатлари атрофлича таҳлил қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзи бўлиб турган ҳудуд - Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда президент матбуот-хизмати.

Сув остида қолган ҳудудлар - Сардоба тўғони ёрилган жойдан олинган кадрлар

Йиғилишда фавқулодда ҳодиса ва унинг оқибатлари атрофлича таҳлил қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланган.

"Тадбирда Сардоба сув омбори тўғонининг кутилмаганда очилиши ва унинг оқибатлари атрофлича таҳлил қилинди, тегишли хулосалар чиқарилди", - дейилади хабарда.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, талафот кўрганларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларини тезроқ тиклаш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча эрта тонгда, Сардоба сув омборидаги тўғондан сув сиза бошлагани, аҳолининг бир қисми Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан эвакуация қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мирзиёев тўғонда олиб борилаётган тиклаш ишларини шахсан кузатмоқда

Сўнгра Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув киргани маълум бўлди.

Сув омборидаги авариядан сўнг воқеа жойига зудлик билан президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов етиб борган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Сирдарё вилоятида бўлиб турибди. Давлат раҳбари 1 май куни Оқолтин туманида аҳоли билан бўлган мулоқотда "шароит яхшиланмагунича, раҳбарларнинг бирортаси, мен бош, ҳеч қаерга кетмайди", деб айтган.

Таъкидлашларича, аварияга кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган.

Содир бўлган фавқулодда вазият юзасидан ФВВда колл-центр фаолияти йўлга қўйилган. Қўнғироқлар 1205 ва 1250 қисқа телефон рақамлари орқали қабул қилинмоқда.