Ўзбекистон ва Россия иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди

Ўзбекистон ва Россия жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Минтақалараро бизнес-форум, Таълим ва Медиа форумларига тайёргарлик кўриш бўйича икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга келишиб олди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков телеконфренцалоқа орқали Россия ҳукумат раҳбари ўринбосари Алексей Оверчук билан Ўзбекистон-Россия ўртасидаги савдо, инвестиция, саноат кооперацияси ва логистка соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, томонлар икки мамлакат ўртасидаги сўнги уч йил давомида кўрсаткичлари кескин ўсиб бораётган стратегик ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини юқори баҳоладилар. Шу билан бирга, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳакморликни янада кенгайтириш учун фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжудлиги, шунингдек, ушбу имкониятларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Камилов ва Лавров коронавирус билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди

Таъкидланишича, қўшма савдо ва логистика компаниялари ва мева-сабзавотларни улгуржи-тарқатиш марказларини ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, савдо шериклик соҳасидаги аниқ таклифлар, хусусан, икки мамлакат бозорларида талаб катта бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш кўлами ва ҳажмини кенгайтириш чоралари кўриб чиқилди.

“Томонлар, шунингдек, жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган қўшма конгресс-кўргазма тадбирларини – Минтақалараро бизнес-форум, Таълим ва Медиа форумларига тайёргарлик кўриш бўйича икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга келишиб олдилар”, - дейилган хабарда.

Муҳокама якунлари бўйича ўзаро манфаатли натижаларга эришиш учун таъкидлаб ўтилган йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.