Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари рағбатлантирилади

Уларнинг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдори тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. “Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги  ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимларининг:

- лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдори тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга оширилади;

- меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициенти 5 фоизга оширган ҳолда қўлланади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида қатор тайинловлар амалга оширилди

Мазкур моддий рағбатлантириш чоралари 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирлари расман тўхтатиладиган ой якунига қадар амал қилади.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимлари учун ойлик лавозим маошига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа устамаларни олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Қарорга кўра, Агентликнинг марказий аппаратида Моддий-техника базасини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бошқармаси ташкил этилди.

Қарор билан  Бош давлат санитария врачларига карантин даврида, давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва бошқа ходимларини жалб қилган ҳолда эпидемияга қарши вақтинчалик отрядларни ташкил этиш ҳуқуқи берилди.

Карантин даврида вақтинчалик отрядлар таркибига жалб этилган давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг асосий иш жойидаги меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва миқдорлари сақланиб қолади.