ТОШКЕНТ, 18 апр - Sputnik. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида қатор тайинловлар амалга оширилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Ўзбекистон президентининг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига қўшимча Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори лавозими киритилди.
Шунга асосан, президент қарори билан Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори лавозимига тайинланди.
Шу вақтгача у Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ботиржон Қурбонов Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Айни пайтгача ушбу агентлик директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Баҳром Алматов Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланди.