ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг рафиқаси коронавирусга тест топширди.
Таҳлил салбий натижа кўрсатди. Бу ҳақда президент расмий вакили Содиқ Седикки маълум қилди.
Бундан аввал Кабулда президент саройи 40 нафар ходими коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабар қилинди. Ўтган ҳафтадан бери Ғани ҳукумат мажлисларида видеоалоқа орқали иштирок этмоқда.
"Президент ва биринчи хоним ихтиёрий равишда COVID-19 тест топширишди. Иккала натижа ҳам салбий. Президент соғлом ва ҳукумат кучи билан барча йўналишларни бошқармоқда. Унинг иш муҳити хавфсиз ва соғлом бўлишини таъминлаш учун барча чоралар кўрилган." - деб ёзди Седикки Twitterда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Афғонистонда коронавирус билан касалланганлар сони 1092 га етди, 36 киши вафот қилди, 150 киши соғайди.