Ўзбекистон ва БАА умумий лойиҳалар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиради

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари ва келажак вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал Гергави иштирокидаги видеоконференция ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Жорий йил 14 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари ва келажак вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал Гергави иштирокидаги видеоконференция ўтказилди.

БАА Ўзбекистонга 8 тонналик инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Асосий эътибор инвестициялар ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг динамикаси, натижалари, уларнинг яқин истиқболдаги келажаги ва ҳамкорликнинг долзаб масалаларига қаратилди. Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик доирасида сезиларли ютуқларга эришилганлиги, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган мавжуд чекловларга қарамай, ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистон ва БАА вазирликлари ва идораларидан тузилган барча 22 ишчи гуруҳлардаги алоқалар видеоконференциялар орқали фаол равишда давом этаётганлиги таъкидланди.

Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал Гергави Амирлик томони Ўзбекистон Республикаси билан эришилган келишувларга содиқ қолишини ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар жадал суръатлар билан давом эттирилишини таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар, усусан, логистика маркази ва саноат зоналарини яратиш, Навоий шаҳрида “қуруқ порт” ташкил этиш лойиҳалари, қурилиш ва кўчмас мулк соҳаси, шунингдек бошқа амалга оширилаётган ташаббуслар кўриб чиқилди – белгилаган йўналишларда уларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келгуси қадамлар юзасидан фикр алмашдилар.

Пандемия тарқалишига қарши курашиш, аҳоли саломатлиги ва мамлакатда иқтисодий фаолликни сақлаш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг қатъий харакатларининг аҳамияти алоҳида эътиборга олинди. Шунингдек, Ўзбекистон томони БАА ҳукуматининг COVID-19 тарқалишига қарши курашиш учун юборилган тиббий ниқоблар, комбинезонлар қўлқоплар ва бошқа кўрсатиладиган гуманитар ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди.

Видеоконференция натижаларига кўра янада фаол ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини тезкор ҳал қилиш учун турли даражадаги онлайн-сессияларни ўтказиш амалиётини давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.