ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Марғилонда ҳокимият вакилининг қонуний талабини бажармай, уни дўппослаган фуқаро устидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар қилди.
Маълум қилинишича, 12 апрел куни 18 ёшли Д.Қ. Марғилон шаҳри марказидаги “Деҳқон бозори” ҳудудида автомобиллар тўхташ жойига кириш қисмида санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаган ҳолда юзига ниқоб тақмасдан нон сотган. ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходими унга ниқоб тақиб олишни талаб қилган. Бироқ Д.Қ. уни юз ва оёқ соҳаларига уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Д.Қ.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.