Туризм истиқболлари: Азиз Абдуҳакимов онлайн туризм ва масофавий спорт ҳақида

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси онлайн туризм ва масофавий спортни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда пандемиядан кейин туризм соҳасидаги режалар ҳақида сўзлаб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов коронавирус билан боғлиқ даврда туризм ва спорт соҳасида қандай ишлар олиб борилаётгани ва келгуси режалар ҳақида сўзлаб берди.

“Карантин қўл қовуштириб ўтириш учун сабаб эмас”

Туризм сектори пандемиядан сўнг қачон тикланади - эксперт фикри

Азиз Абдуҳакимов карантин ва ўзини яккалаш режими сабаб қўл қовуштириб ўтириш керак эмас. Аксинча, ушбу сокинлик давридан унумли фойдаланиб, соҳаларни ривожлантиришда янгидан-янги усуллар ва жиҳозларни қўллаш лозим.
Унинг сўзларига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси онлайн туризмни ривожлантириш, тадбиркорлар ва стартаперларни қўллаб-қувватлашга оид ишларни амалга оширмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги аллақачон масофавий спортни фаол ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларини бошлаб юборган.

Шунингдек, Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ), Ошпазлар уюшмаси, Гастрономик ассоциация билан ҳамкорликда ходимлар ва мутахассислар малакасини оширишга доир бепул онлайн курслар ва вебинарлар ташкил қилинмоқда.

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ХСТУ ва Миллий пиар маркази билан бирга хорижда миллий маҳсулотни тарғиб қилишга оид стратегияни ишлаб чиқмоқда. Унга кўра, карантин даври тугагач, Европа ва МДҲ мамлакатларида Road-show’лар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Онлайн туризм

Ўзбекистонда туризм бўйича виртуал саёҳатларни амалга ошириш имконини берувчи online-tourism.uz сайтини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.

“Бу Ўзбекистон бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имконини тақдим этувчи биринчи платформа бўлади. Ҳозирги карантин билан боғлиқ мураккаб бир даврда Ўзбекистоннинг туристик тарғиботини кучайтириш айни муддаодир. Бу сайёҳларга уйдан чиқмай туриб, ўз саёҳатларини олдиндан режалаштириш имконини беради”, - деди Абдуҳакимов.

Режага кўра, ушбу сайт асосан уч йўналишни қамраб олади: сайёҳлар, туристик бизнес вакиллари стартаперлар учун.

Ўзбекистонда коронавирус туфайли энг катта зарар кўраётган соҳалар айтилди

“Бугунги кунда виртуал турларни йўлга қўйиш учун музейлар ва бошқа туристик объектлар билан ҳамкорлик ишлари бошлаб юборилган. Фурсатдан фойдаланиб, бу йўналишда фаолият юритувчи истеъдодли мутахассисларимизни ҳамкорликка жалб қиламиз, улар билан онлайн фаолиятни йўлга қўйиш мумкин.Шу билан бирга, кафе ва ресторанлар ҳамда бошқа туристик объектлар эгаларини виртуал саёҳатни йўлга қўйиш учун зарур чоралар кўришга чорлаб қоламиз, зеро бу сайёҳларга ҳозирнинг ўзиданоқ ўзига маъқул келувчи, дидига мос келувчи жойларни танлаш имконини беради”, - деди у.

Тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан туризм соҳаси субъектларига пандемия даврида қатор имтиёзлар тақдим этилган.

Пандемиядан сўнг нима бўлади

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, қўмита жаҳон туризм бозоридаги фавқулодда вазиятнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтиришга доир тезкор чора тадбирларни ишлаб чиқиб, Вазирлар маҳкамасига киритган. Унга кўра, Ўзбекистонда коронавиус билан боғлиқ карантин даври тугаганидан кейин туризм соҳасидаги стартап лойиҳалар, жумладан инновацион бизнес ғоялар, айниқса ёшлар ва уларнинг сайёҳларга қулайлик яратишга йўналтирилган дастурларини субсидиялаштириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, “Ўз диёрингни ўзинг кашф эт” лойиҳаси доирасида маҳаллий аҳолини аудио, фото ва видео материал тўплаш жараёнига жалб этиб, шу асосда “Туризм қишлоғи”, “Туризм маҳалласи”, “Туризм овули” мақомига эга аҳоли пунктлари реестрини кенгайтириш кўзланяпти.

Қолаверса, “Саёҳатингни режалаштир” акцияси ўтказилади ҳамда туризм соҳаси субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида пандемиядан кейин Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга оид таклиф ва онлайн аризаларни қабул қилишни кенг тарғиб қилиш бўйича электрон тизимни рағбатлантиришга доир чора тадбирлар амалга оширилиши  режалаштирилган.

Масофавий спорт

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан бирга мамлакатимизнинг тажрибали спорт усталари ва мураббийлари иштирокида турли видеороликлар ишлаб чиқилмоқда. Уларнинг карантин даврида жисмоний фаолликни сақлаб қолиш, спорт билан боғлиқ фаолиятни бошлашга доир маслаҳат ва тавсиялари берилмоқда.

Спорт вазирлиги ўзига хос челленж эълон қилди

Ижтимоий тармоқларда турли қизиқарли челленжлар ва беллашувлар ўтказилмоқда. 6-26 апрель кунлари #УйдаҚол! #ҲаётгаҚўшил! челленжи бўлиб ўтади. Унда қатнашиш учун карантин даврида уйда оила аъзолар билан бирга бадантарбия ва спорт машғулотларини бажариш, сўнгра уни видеога олган ҳолда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга жойлаш ҳамда Спорт вазирлигининг расмий саҳифалари билан улашиш талаб этилади.

“Умуман олганда, юртимиздаги ҳар бир инсоннинг спорт билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзига риоя қилиши унинг саломатлигига ҳам, фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади”, - деди Абдуҳакимов.