Бухоро ва Хоразмда беш нафар бемор коронавирусдан бутунлай соғайиб кетди

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиб ундан тўлиқ тузалганлар сони 66 нафарга етди. Тўрт нафар бемор Бухорода, яна бири Хоразмда шифо топди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Бухорода тўрт, Хоразмда бир нафар бемор коронавирусдан бутунлай соғайиб кетди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

“Эндиликда уларнинг сафига Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ҳам қўшилди. Ушбу тиббиёт муассасасининг фидойи ва жонкуяр шифокорлари саъй-ҳаракати ўзининг дастлабки самарасини бериб, 4 нафар бемор бутунлай соғайишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди”, - дейилган хабарда.

Ўзбекистонда яна 19 нафар бемор коронавирусдан шифо топди

Қайд этилишича, тузалганларнинг икки нафари (бири Андижондан, яна бири эса Тошкент вилоятидан) Туркиядан Бухорога келган бўлиб, жорий йил 26 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган эди.

Яна фарғоналик икки нафар фуқаро эса чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келишгач, уларда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланганди.

Хоразм вилоятида юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирус инфекциясига чалинган яна бир нафар бемор бутунлай соғайиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайган бемор сурхондарёлик бўлиб, жорий йил Россиядан чартер рейсда Урганчга келгач, 25 март куни унда коронавирус инфекцияси аниқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиб ундан тўлиқ тузалганлар сони 66 нафарга етди.