Махсус рухсатнома талаб этилмайдиган автотранспорт рўйхати эълон қилинди

Давлат бошқарув органлари, вазирликлар, куч ишлатар тизимлари, алоқа ва ва почта ҳамда тиббий, эпидемиологик ташкилотларнинг хизмат автомобилларига махсус рухсатнома олмасдан ҳаракатланишга рухсат берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 апр - Sputnik. Ҳаракатланганда рухсатнома талаб этилмайдиган автотранспорт воситалари рўйхати ва шахсий транспортдан қандай ҳолларда рухсатнома-стикер талаба қилинмаслиги маълум бўлди. 

Ҳуқуқий ахборот телеграм каналида эълон қилинган рўйхатда қуйидаги ҳолатларда рухсатнома талаб қилинмаслиги айтиб ўтилган:

  • Давлат ва хусусий тиббий санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларнинг шахсий автомобиллари;
  • Ҳомиладорлик, туғруқ, тан жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари;
  • Лицензияга эга бўлган такси автомобиллари етказиб бериш хизмати кўрсатиш ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий муолажа керак бўлган беморларни олиб бораётган вақтида;
  • Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг махсус автомобиллари;
  • ДХХ, ИИВ, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий  кураш департаменти ходимларининг шахсий автомобиллари;
  • Президент администрацияси, Олий мажлис палаталари, Вазирлдар Маҳкамаси, Миллий гвардия, Давлат Божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, ФВВ, Суд ва прокуратура органларининг хизмат автомобиллари;
  • “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports ва Узаэронавигация агентлигининг хизмат автомобиллари;
  • Ҳисоб палатаси, бизнес-омбудсмен, Омбудсмен, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари хизмат автомобиллари;
  • Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат хўжалик бошқарув органларининг биринчи раҳбарлари;
  • Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлигининг хизмат автомобиллари;
  • “Республика инкассация хизмати” ДУК автомобиллари;
  • Хорижий давлат ваколатхоналарининг CMD, D, UN, M, X давлат белгили автомобиллари;
  • Алоқа хизмати кўрсатувчи ташкилотлар, Ўзбекистон почтаси, Ўзбектелеком, Ўзинфокомга тегишли хизмат автотранспорт воситалари;
  • N1, N2, N3 тоифага кирувчи автотранспорт ва қишлоқ хўжалик техникалари;
  • “Тошшаҳартрансхизмат” автобус саройининг М2 ва М3 тоифадаги транспорт воситалари;
  • Дафн маросимида хизмат кўрсатувчи махсус автомобиллар;

Шунингдек, мавсумий қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб берувчи М1 тоифадаги шахсий транспорт воситалари ҳам 1 нафар йўловчи билан ҳаракатланишига рухсат берилган.