Каримов: мигрантлар Россияда ҳозир энг ҳимоясиз қатламдир

Ишчи-мигрантлар Касаба уюшмаси раҳбари Ренат Каримов пандемия шароитида Россиядаги мигрантларнинг адаптацияси учун қандай чора кўрилиши лозимлиги ҳақида гапирди
Sputnik

Яқинда Россия ҳукумати мигрантларга мамлакатдан чиқмаган ҳолда патент муддатини узайтириш бўйича қарор қабул қилган эди.

Эндиликда патент муддати охирлаб қолган меҳнат муҳожирларига янги ҳужжатни олиш учун четга чиқиш шарт эмас.

Мигрантлар Россиядан ташқарига чиқмасдан янги патент олиши мумкин – ТИВ баёноти

Аммо, Каримовнинг айтишича, мигрантлар аввалгидек Россияда энг ҳимоясиз қатлам бўлиб қолмоқда. Айниқса, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун ҳукумат томонидан қабул қилинган карантин чораларидан кейин.

"Москвада 1,8 миллион мигрантлар бор - бу Россия пойтахтининг иқтисодий фаол аҳолисининг 15 %идир. Улар мамлакат иқтисодига улкан ҳисса қўшмоқда ва шу билан бирга ҳозирда энг ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланади, чунки аксарияти ишсиз қолган", - деди Каримов Sputnik Тожикистонга берган интервьюсида.

Эксперт таъкидига кўра, ўтган йил мигрантлар патент тўлови орқали Москва бюджетига 18 миллиард рубл даромад келтирган, шундай экан, улар давлатдан унчалик катта бўлмаса ҳам, аммо кўмак кутишга ҳақли.

"Биз Москва мэри Сергей Собянинга патент учун НДФЛ тўловларини бекор қилиш бўйича илтимоснома киритдик", - деб қўшимча қилган ишчи-мигрантлар Касаба уюшмаси раҳбари.

Каримовнинг сўзларига кўра, мигрантлар яқин орада ҳеч қандай даромад олмайдилар, демакки ушбу тўловни бекор қилиш мантиқан тўғри бўлар эди.