Ўзбекистонда 4 мингга яқин кўнгилли COVID-19 билан курашиш истагини билдирди

Асосан шифокорлар ўзларининг тажриба ва касбий маҳоратларини қўллаш бўйича таклиф билдирган, аммо кўнгиллилар орасида бошқа касб вакиллари ҳам бор.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус билан курашишни хоҳловчи кўнгиллилардан 4 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасининг матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, коронавирус инфекциясига қарши курашда асосан шифокорлар томонидан ўзларининг тажриба ва касбий маҳоратларини қўллаш бўйича таклифлар келмоқда. Аммо кўнгиллилар орасида бошқа касб вакиллари ҳам бор, улар тахминан 10 фоизини ташкил қилишади.

COVID-19га қарши кураш: ССВда кореялик мутахассис иш бошлади

"Миллий Палата COVID-19" (t.me/uzhealth_covid2019) махсус телеграм-канали атиги 27 март куни ташкил этилган бўлсада, 4 кун ичида камида 3,5 минг кўнгиллилар ўзларининг шахсий, алоқа ва ихтисосликлари тўғрисидаги маълумотларини ушбу телеграм каналининг ботига жўнатиб улгуришди", - дейилган хабарда.

Ушбу соҳадаги кўнгиллиларнинг, шу жумладан, “шифокорлар ва лаборатория мутахассислари”, “ўрта тиббиёт ходимлари”, “кичик тиббиёт ходимлари” ва “бошқалар” рўйхатларини тузилади ҳамда ушбу маълумотлар ССВга юборилади.