ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлигида Кореянинг Корё университети профессори Цой Чже Ук С халқаро эксперт сифатида иш бошлади.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, мутахассис бугун ва эртага қандай чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан маслаҳат олиш, ҳамкорликда ишни ташкил қилиш ҳамда дунё ва Корея тажрибаси билан мамлакатда қўлланилаётган коронавирусга қарши курашиш бўйича бугунги методологияни уйғунлаштириш мақсадида таклиф этилди.
Ушбу халқаро эксперт билан ҳамкорликда, шунингдек, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни самарали даволаш ва уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлишлари учун юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланишни янада кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 149 нафарга етган.