ТОШКЕНТ, 28 мар - Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати четдан кираётган айрим дори воситалари учун бож ундиришни вақтинча бекор қилди.
Бу ҳақда президент томонидан 27 март куни имзоланган "Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарорда айтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё, материаллар ва субстанцияларга нисбатан божхона божлари ундирилмайди.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси: дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар, энг зарур товарлар нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказишни таъминлайди. Уларнинг нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва юқори талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатади.