ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Ўзбекистонда COVID-19 вирусига қарши курашиш ва унинг тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди. Бунга жойларда қай даражада амал қилинаётганлиги, айни кундаги вазият билан танишиш ниятида Sputnik мухбири жамоат жойларида бўлди.
Бир оз аввал нақд пуллар вирус тарқатувчи манбалардан бири бўлганлиги боис, ундан фойдаланиш вақтинчалик тўхтатилаётгани ҳақида маълум қилинди. Ўзбекистон Марказий банки барча банк муассасаларига нақд пулларни камида бир ҳафта пул омборхоналарида сақлашни тавсия қилган эди.
Аммо бу бўйича тартиб ҳали ўрнатилмаганлиги боис, мижозлар банкларга нақд пулларни топшириш учун эмас, ҳозирча АҚШ долларини нақд пулга алмаштириш, нақд пулни АҚШ долларига алмаштириш ёки жўнатмаларни қабул қилиб олиш учун банклар ташқарисида тўпланиб туришибди.
Мижозларнинг банклар ташқарисига тўпланиб туришларининг сабаби, пойтахтда карантин эълон қилинганлиги билан боғлиқ бўлиб, банк ичкарисида одамларнинг йиғилиши вируснинг осон тарқалиши ва юқишига туртки бўлиши мумкин. Шу боис эҳтиёт чоралари кўрилган, мижозларнинг барини эса тиббий ҳимоя ниқобларида кўриш мумкин.
Сиз кўриб турган ҳолат Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Капиталбанк” ва унинг мижозлари.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани, Темур Малик кўчасида жойлашган “Ecobozor” савдо мажмуаси ичидаги кичик банкда ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўлиш мумкин, мижозлар банк атрофида тўпланиб туришибди. Бу ерда ҳам карантин чораларига жиддий амал қилиниб, мижозлар навбат билан ичкарига киритилмоқда.
Савдо мажмуасининг баъзи расталарида эса сотувчилар ихтиёрий равишда ўз эълонларини осиб қўйган бўлиб, унда “Ниқобсиз келганларга хизмат кўрсатилмаслиги” ҳақида ёзиб қўйилган.
Мажмуа ичидаги овқатланиш бўлимларида ўриндиқлар ҳам бир четга йиғиштириб қўйилган. Аслида шаҳардаги барча овқатланиш шоҳобчаларида бундай ҳолатга дуч келиш мумкин...
Мажмуа ичидаги дорихонада махсус ҳимоя қўлқоплари тугаган экан, юз ҳимоя ниқоблари эса донаси 2200 сўмдан сотилмоқда. Мирзо Улуғбек туманида жойлашган дорихоналарнинг бирида эса тиббий ҳимоя ниқоби 2100 сўмдан сотилмоқда.
Яна бир қизиқ ҳолат, ҳукумат 23 мартдан аҳолига тиббий ниқобсиз ҳаракатланишни расман тақиқлади. Қолаверса, Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икрамов ҳам Халқаро прес клубда ўтказилган брифингларнинг бирида, 25 март кунидан бошлаб фуқароларнинг жамоат жойларида ниқоб билан юриши шартлиги, кимда ким ушбу тартибга бўйсунмайдиган бўлса, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирди.
Аммо ушбу қонуннинг ижроси қай даражада, ким ёки қайси ваколатли орган томонидан назоратга олинаётганлиги номаълум. Шу боис эҳтимол, кўчаларда, бозор расталарида ниқобсиз юрган ва бемалол бир бири билан ниқобсиз ҳолда мулоқотда бўлаёган фуқароларга ҳам нигоҳингиз тушади...
Кўчада транспорт воситаларидан ўз хусусий автомобилларини бошқараётганлар ёки киракаш ҳайдовчиларни айтмаганда, бирон бир автобус учрамайди...
Sputnik карантин билан боғлиқ ўз кузатувларини давом эттиради.