Махсус комиссия карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан мурожаат қилди

Хабарда ёзилишича, яратилган шароитларга қарамасдан, карантинга олинган маскандан бир неча марта қочиб кетиш ҳолатлари кузатилган. Ушбу фуқаролар ҳозирда ушланган ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси фуқароларга мурожаат қилди.

Қайд этилишича, коронавирус тарқалишини олдини олишнинг энг муҳим шарти карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этишдир.

“Шунинг учун, чет элдан қайтиб келаётган ватандошларимиз, фаолиятида чекловлар ўрнатилган ташкилотлар ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва умуман мазкур чекловлар тегишли бўлган барча-барча субъектлар, жисмоний ва мансабдор шахслар давлат томонидан белгиланган карантин қоидалари ва талабларини сўзсиз бажаришларини қатъий сўраймиз”, - дейилган мурожаатда.

Хабарда ёзилишича, яратилган шароитларга қарамасдан, карантинга олинган маскандан бир неча марта қочиб кетиш ҳолатлари кузатилган. Ушбу фуқаролар ҳозирда ушланган ва изоляция қилинган. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

“Шу муносабат билан яна бир марта барча аҳоли қатламларини алоҳида огоҳлантирамиз ҳамда ўз ҳаракатларингиз билан нафақат ўзингиз балки оила аъзоларингиз ва халқимизга зиён етказишингиз мумкинлигини доимо эсда тутишларингизни сўраймиз”, - дейилади хабарда.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жуда кескин жавобгарлик чоралари кўзда тутилгани эслатиб ўтилган.

Карантиндан қочмоқчи бўлган яна бир шахс қўлга олинди

Жиноят кодексига асосан шундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.

Таъкидланишича, вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига иложи борича чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклашлари ва умуман олганда жамиятда бир-бирлари орасида масофа сақлашлари зарур.

“Ҳурматли фуқаролар, барча белгиланган қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тегишли ташкилотлар талаблари қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган ушбу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради. Барчангизни шунга чақирамиз.

Ўз навбатида, тегишли мутасадди масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва ходимлари карантин билан боғлиқ талабларга риоя этилишини 24 соат таъминлаб борилишига шахсан жавобгардирлар”, - дея якунланган хабар.