ТОШКЕНТ, 21 мар - Sputnik. Қирғизистон коронавирус пандемияси туфайли Россиядан ташқари барча мамлакатлар билан авиаташувларни бекор қилди. Бу ҳақда шанба куни РИА Новостига COVID-19га қарши кураш бўйича республика штаби маълум қилган.
"Қирғизистонга (шу жумладан, Қирғизистондан) мунтазам қатновчи халқаро авиарейстларга вақтинчалик чеклов киритилган, ушбу чоралар аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда коронавируснинг мамлакат ҳудудида тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинди", - деб айтган штаб вакили.
Суҳбатдошнинг айтишича, ҳаво транспорти орқали амалга ошириладиган юк ташувлари ҳамда республика штаби қарори бўйича Қирғизистон фуқароларини олиб чиқиш учун белгиланган чартер рейслар бундан мустасно. Москва - Бишкек - Москва, Ўш - Москва - Ўш ва Новосибирск - Бишкек - Новосибирск рейслари қатнови ҳам сақланиб қолади. Уларнинг барчаси ҳафтасига бир маротаба амалга оширилади.
Қирғизистонда айни вақтда коронавирусни юқтирганлик бўйича 12та ҳолат қайд этилган. Вирусни юқтирганларнинг барчаси Саудия Арабистони ва Қувайтдаги муқаддас қадамжолар зиёратидан қайтишган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги COVID-19 коронавируси эпидемиясини пандемия, деб эълон қилди. Жаҳонда ушбу вирусга чалинганлар сони 234 мингдан ортди, 10 мингга яқин инсон ҳалок бўлди. Россияда, сўнгги маълумотларга кўра, касалланганлар сони 253 нафарга етган.