ТОШКЕНТ, 21 мар - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони айни пайтгача 37 нафарга етди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Сал олдин ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати Ўзбекистон президенти Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш бўйича кўрсатма бергани ҳақида хабар берди.
Таъкидланишича, хориж мамлакатларидаги ва оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, президент Шавкат Мирзиёев Республика махсус комиссиясига фуқароларни мамлакатга қайтариш бўйича авиарейсларни такшиллаштиришга кўрсатма берган.
Комиссия Ўзбекистонга парвоз қиладиган қуйидаги чартер рейслар графигини тузиб чиқди:
➡️21 март куни Москва шаҳридан (Россия) соат 03:30да; Дели шаҳридан (Ҳиндистон) соат 17:30да;
➡️ 22 март куни Куала-Лумпур шаҳридан (Малайзия) соат 04.30да; Москва шаҳридан (Россия) соат 05:00да, Истанбул шаҳридан (Туркия) соат 06:00да ва Новосибирск шаҳридан (вақти аниқлаштирилмоқда);
➡️ 23 март куни Сеул шаҳридан (Корея Республикаси) соат 02:00да;
➡️ 24 март куни Джакарта шаҳридан (Индонезия) соат 07:00да;
➡️ 26 март куни Бангкок шаҳридан (Тайланд) соат 01:00да.
Бошқа мамлакатлардан фуқароларни қайтариш давом этади дейилади хабарда.
Ўзбекистонга қайтган фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига кўра 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.
Шунингдек, коронавирусга қарши кураш доирасида 1 ой давомида Тошкент шаҳрида учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабарига кўра, жаҳонда COVID-19ни юқтирганлар сони 234 мингга етди, 10 мингга яқин инсон шу касалликдан оламдан ўтди.