ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. 15 март куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига қарашли Истанбул–Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берилганди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Истанбулдан мазкур рейс билан бирга келган беморнинг турмуш ўртоғи ва яна бир фуқарода ҳам ушбу инфекция тасдиқланган.
Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Вирусология илмий текшириш институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида, шунингдек, унинг ўғли ва қизи, турмуш ўртоғи ва набирасида коронавирус инфекцияси аниқланганини хабар қилинганди. Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, ушбу бемор билан мулоқотда бўлган қариндошида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилган.
14 март куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига қарашли Лондон–Тошкент йўналишидаги 201- рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суриштирув ҳамда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.