Самарқандда ЙПХ ходимини ҳақоратлаган ҳайдовчи етти суткага қамалди

Ҳайдовчи қоидани бузгани етмаганидек, ЙПХ инспекторининг маъмурий баённома тузишига қаршилик қилган, уни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, ҳодиса жойидан кетиб қолган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар – Sputnik. 2020 йил 10 март куни Самарқанд вилоятида ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳамда 1982 йилда туғилган ҳайдовчи С.О. ўрасида низо келиб чиққан. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Самарқандда учта автомашина тўқнашди

Тойлоқдаги маҳаллаларнинг бирида автомобил йўлига хизматга жалб этилган ЙҲХБ ходимлари “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчисини “хавфсизлик камарини” тақмаганлиги учун тўхтатган.

Содир этган қоидабузарлиги ҳақида тушунтирилаётган вақтда ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг маъмурий баённома тузишига қаршилик қилган, уни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, транспорт воситасини бошқарганча ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тойлоқ тумани Маъмурий судига юборилган. Суднинг 2020 йил 11 март кунидаги қарори билан ҳайдовчига 7 суткалик қамоқ жазоси тайинланган.