Ўзбекистон Эронга гуманитар ёрдам юборади

Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси фармойиши қабул қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар – Sputnik. Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисида ҳукумат фармойиши қабул қилинди.

Ўзбекистон Хитойга иккинчи партия инсонпарварлик ёрдамини юборди

Фармойишга кўра, Эрон Ислом Республикаси ҳукуматининг коронавирус касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур буюм ва воситалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаатини қўллаб-қувватлаш, ушбу инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида Эронга қуйидаги тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилади:

- бир марталик стерил тиббий қўлқоплар;

- ҳимоя қилувчи комбинезон;

- махсус тиббий форма;

- тиббий ниқоблар;

- тиббий дока;

- тиббий спирт;

- гигиеник гель;

- “Rutan” таблеткалар.

Инсонпарварлик юкини кузатиб бориш ва топшириш учун Эронга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигида Ўзбекистон делегацияси юборилади.