Машҳур актёр Том Хэнкс ва унинг рафиқаси коронавирус юқтириб олди

Ўзининг бетакрор роллари билан миллионлаб мухлислар қалбини забт этган актёрнинг айтишича, улар Австралияда ўзларини ёмон ҳис қилишган ва дарҳол касалхонага боришган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар - Sputnik. Америкалик актёр Том Хэнкс ва унинг рафиқаси Рита Уилсон коронавирус юқтириб олишди. Бу ҳақда у Twitter᾽даги саҳифасида маълум қилди.

“Салом, дўстлар. Рита ва мен ҳозир Австралиядамиз. Биз бироз чарчоқ, шамоллашни ҳис қилдик ва танамизда оғриқ пайдо бўлди. Рита вақти-вақти билан титраб турди. Ҳамма нарсани тўғри қилиш учун, ҳозир зарур бўлганидек, биз ҳам коронавирусга таҳлил топширдик ва натижаси ижобий чиқди”, - деб ёзган актёр.

​Том Хэнкс ўзининг “Катта”, “Форрест Гамп”, “Оддий аскар Райанни қутқариш”, “Ёлғиз”, “Гудзондаги мўъжиза” ва бошқа кўплаб фильмлардаги роллари билан мухлислар қалбини забт этган. 2016-йилда АҚШ президенти Барак Обама Хэнксга президентнинг “Озодлик” медалини топширган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Covid-19 коронавирусининг тарқалишини пандемия деб тан олди.

Пневмония билан касалланганлар сони 123 минг кишидан ошди. Вафот этганлар сони - 4620, даволанганлар - 67 мингдан ортиқ.

Касалланганлар сонига кўра Хитой биринчи ўринда, ундан кейин Жанубий Корея, Италия ва Эрон.

Эпидемия 110 дан зиёд мамлакатда тарқалди.