ТОШКЕНТ, 12 мар - Sputnik. Америкалик актёр Том Хэнкс ва унинг рафиқаси Рита Уилсон коронавирус юқтириб олишди. Бу ҳақда у Twitter᾽даги саҳифасида маълум қилди.
“Салом, дўстлар. Рита ва мен ҳозир Австралиядамиз. Биз бироз чарчоқ, шамоллашни ҳис қилдик ва танамизда оғриқ пайдо бўлди. Рита вақти-вақти билан титраб турди. Ҳамма нарсани тўғри қилиш учун, ҳозир зарур бўлганидек, биз ҳам коронавирусга таҳлил топширдик ва натижаси ижобий чиқди”, - деб ёзган актёр.
— Tom Hanks (@tomhanks) March 12, 2020
Том Хэнкс ўзининг “Катта”, “Форрест Гамп”, “Оддий аскар Райанни қутқариш”, “Ёлғиз”, “Гудзондаги мўъжиза” ва бошқа кўплаб фильмлардаги роллари билан мухлислар қалбини забт этган. 2016-йилда АҚШ президенти Барак Обама Хэнксга президентнинг “Озодлик” медалини топширган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Covid-19 коронавирусининг тарқалишини пандемия деб тан олди.
Пневмония билан касалланганлар сони 123 минг кишидан ошди. Вафот этганлар сони - 4620, даволанганлар - 67 мингдан ортиқ.
Касалланганлар сонига кўра Хитой биринчи ўринда, ундан кейин Жанубий Корея, Италия ва Эрон.
Эпидемия 110 дан зиёд мамлакатда тарқалди.