ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Тошкент вилоятидаги “Паркент деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида жойлашган дўконларда ёнғин содир бўлди.
ФВВ хабарига кўра, 8 март куни соат 00:25 да А.Навоий кўчасида жойлашган “Паркент деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида жойлашган бозорнинг олди қаторидаги савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Таъкидланишича, ёнғин тўғрисида хабар кечиктириб берилган.
“Ёнғинни бартараф этишга 11 та асосий ёнғин ўчириш автомобиллари ва 10 дан ортиқ ёрдамчи техникалар жалб қилинди, соат 02:25 да ёнғинни тарқалиши олди олинди ва соат 03:50 да батамом ўчирилди”, - дейилган хабарда.
Ёнғиндан 3000 кв.м. майдон сақлаб қолинди.
Ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олган шахслар мавжуд эмас. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Қўйлиқ” бозори ҳудудидаги дўконлар ёниб кетгани хабар қилинган эди.