Жиззахда турмушга чиқмаган қиз эгизак чақалоқларини далага ташлаб кетди

Жиззахда фермер даласидан норасида эгизак ўғил чақалоқлар ўлик ҳолда топилди. Уларни 22 ёшли қиз дунёга келтириб, ташлаб кетган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Жиззах вилояти Дўстлик туманининг “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги очиқ даладан эгизак чақалоқлар жасади топилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Тошкентдаги каналларнинг биридан чақалоқ жасади топилди

Хабарда ёзилишича, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 46 ёшли Ў.Р. “Оқолтин остонаси кўрки” фермер хўжалиги ҳудудидаги бетон ариқ ёнидан сумка ичида қора рангли полиэтилен пакетга солинган эгизак ўғил чақалоқларни ўлик ҳолда топиб олган. Сўнгра  ҳудуд профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчисига хабар қилган.

“Экспертиза хулосасига кўра чақалоқлар 20-21 ҳафталик кам вазнли бўлиб туғилган”, - дейилган хабарда.

Тезкор суриштирув ишлари натижасида топилган чақалоқларни ўша ерда истиқомат қилувчи турмушга чиқмаган 22 ёшли Х.Г. дунёга келтириб, ташлаб кетгани аниқланган.

Ҳозирда суриштирув олиб борилмоқда.