ТОШКЕНТ, 10 фев – Sputnik. Тошкентдаги каналларнинг биридан чақалоқ жасади топилгани юзасидан ИИББ расмий маълумот берди.
Хабарда ёзилишича, бугун, 10 февраль куни эрталаб соат 10:35да ички ишлар органларига Чилонзор тумани ҳудудидаги “Совпластитал” корхонаси биноси ортидаги Бунёдкор кўчаси бўйлаб ўтувчи каналда янги туғилган ўғил бола жасади топилгани тўғрисидаги хабар келиб тушган.
Воқеа жойига ИИБ ФМБ раҳбарияти ва Чилонзор тумани прокуратураси ходимлари етиб борган. Иш Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти назорати остига олинган.
ИИББ хабарида телеграм тармоғидаги қатор гуруҳларда ҳодиса Олмазор туманида юз бергани ҳақида тарқалган маълумот нотўғри эканлиги қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ит янги туғилган чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолгани хабар қилинган эди.