ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. ЎзбекистонТашқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Кореядаги элчихонаси ўз веб-сайтида 2020 йил март ойида Сеулдан Тошкентга учадиган авиарейслар жадвалини эълон қилганини маълум қилди.
Қуйидаги парвозлар амалга оширилади:
2020 йил 8 март куни – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси;
2020 йил 15 март куни – Корея Республикаси авиакомпанияси;
2020 йил 22 март куни – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси;
2020 йил 29 март куни – Корея Республикаси авиакомпанияси.
Тошкентга қайтгач йўловчилар пойтахтдан ташқаридаги махсус тайёрланган жойда 14 кун давомида карантинда бўлишлари, тегишли текширувдан ўтганидан кейин яшаш жойига қайтиш учун рухсат берилиши эслатиб ўтилган.
Aвиачипталар харид қилиш масалалари бўйича +82 2 754-1041 (KORUZBEK AGENCY) телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин.
“Элчихона Ўзбекистон фуқароларига саросимага тушмасдан, ватанга қайтишнинг мақсадга мувофиқлигини яна бир бор жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилади. Чунки Корея Республикаси Ҳукумати тиббиёт соҳасида илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда ва касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига бепул малакали тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатлайди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, Жанубий Корея расмий идораларининг вирус тарқалишига қарши курашиш бўйича талабларига қатъий амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ижтимоий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўриш зарур.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1 мартдан Жанубий Корея, Япония ва Италия, Эрон ва Афғонистонга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатган эди.