ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Шу кунларда Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига ватанига қайтишга шошилмаслик тавсия этилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби маълум қилди.
Корея ҳукумати коронавирус тарқалиши олдини олиш бўйича юқори тиббий технологиялардан фойдаланиб, чет эл фуқароларини малакали ва бепул даволамоқда. Шу боис Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси вакиллари ўзбекистонликларга ватанга қайтиш фикридан тўхтаб туришни тавсия этмоқда.
Шунингдек, фуқароларга ўз соғлиқларини асраш ва вирусни тарқалишига қарши кураш бўйича Корея ҳукуматининг талабларига риоя қилиш тавсия этилади, дейилган хабарда.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 март кунидан Ўзбекистон ва Корея авиақатновларининг сони қисқартирилмоқда. Парвозлар ҳар ҳафтада бир маротаба, галма-галдан амалга оширилади.
Масалан, 8 март куни – “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси, 15 март куни – Корея Республикаси авиакомпаниялари, 22 март куни – “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси, 29 март куни – Корея Республикаси авиакомпаниялари қатновлари паритет асосида амалга оширилади.
Тошкентга учиб келган ҳайдовчилар шаҳар ташқарисидаги махсус карантинланган муҳитда 14 кун давомида сақланади. Кузатув давомида вирус аломатлари кузатилмаса, йўловчиларга уйга қайтишига рухсат берилади.