ТОШКЕНТ, 2 мар – Sputnik. Туркия президенти Тойиб Эрдоған Европа иттифоқини яқинда унинг чегарасига миллионлаб қочқинлар келиши ҳақида огоҳлантирди.
“Улар қўнғироқ қилишяпти ва чегараларни ёпинглар деб айтишяпти. Мен кеч, деб айтдим. Ғарб қочқинлар учун жавобгарлик юкини бўлишиши керак. Бугун биз Болгария бош вазири билан учрашамиз, эртага Меркель билан гаплашаман”, - деди Эрдоған.
У тўрт-беш давлат раҳбарлари иштирокида Сурия бўйича саммитлар ўтказилишини истисно қилмади.
Ўз навбатида, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий Комиссари Филиппо Гранди РИА Новости агентлигига айтишича, сўнгги кунларда Идлибни тарк этаётган одамлар сони кўпайган.
Идлибдаги вазият кескинлашганидан кейин Туркия ҳукумати қочқинлар оқимини чеклашга қодир эмасликларини ва Европа Иттифоқи билан чегараларни очганликларини айтишди.
Кеча Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу, шанба куни Греция ва Болгария Эдирне чегараси орқали 47 мингдан ортиқ мигрант мамлакатни тарк этганини, якшанба куни эса уларнинг сони 76 мингдан ошганини айтди.
2016 йил март ойида Европа Иттифоқи ва Туркия миграция инқирозига қарши курашиш бўйича қўшма режани келишиб олдилар. Режага Анқарага қочқинларни қабул қилиш учун молиявий ёрдам, Туркиядан Грецияга келган барча ноқонуний мигрантларни Туркияга қайтариш ва Европа Иттифоқи томонидан Туркиядан қонуний суриялик мигрантларни қабул қилиш киради.
Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият 27 феврал куни "Хайят Таҳрир аш-Шом" террорчилари Сурия кучларининг позицияларига кенг кўламли ҳужум уюштирганидан кейин кескинлашди. САР армияси ўт очди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, у ерда бўлмаслиги керак бўлган турк ҳарбийлари ҳам ўққа тутилган.
Натижада Туркия армиясининг 34 аскари ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ одам жароҳатланди. Россия томони Сурия кучлари томонидан ўқ отилишини тўхтатиш, ҳалок бўлган ва ярадорларни хавфсиз эвакуация қилиш чораларини кўриш бўйича чораларни кўрди. Вазирликда Россия авиацияси бу ҳудудда қўлланилмагани таъкидланди.