ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Берлин кинофестивалида афсонавий, халқаро Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда ёзилишича, фестивалда иштирок этаётган агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида делегация хорижнинг етакчи кино арбоблари билан учрашувда Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш масаласини ҳам муҳокама қилишди.
“Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кинематография соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистон киносаноатининг муҳим ва долзарб вазифаларидан биридир. Биз Берлин халқаро кинофестивалида дунёнинг машҳур киноарбоблари билан Президентимиз ташаббуси асосида афсонавий халқаро Тошкент кинофестивалини ўтказишни яна йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилдик. Бу муҳим вазифани хорижлик ҳамкорлар иштирокисиз амалга оширишнинг иложи йўқ. Бу ерда фақат Тошкент кинофестивалини ўтказишни йўлга қўйиш эмас, балки уни дунё миқёсидаги энг нуфузли кинофестивалга айлантириш ҳақида гап кетмоқда" – деб таъкидлади "Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳбари.
FIAPF директори Беноит Гинисту (Benoit Ginisty) дунё аҳли учун севимли бўлган Тошкент халқаро кинофестивалини орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, қайта тиклаш ҳақидаги ташаббусни ҳақиқий жасорат деса бўлишини қайд этди.
“Бу бир пайтлар бузиб ташланган, халқлар ўртасидаги дўстлик кўпригини қайта тиклаш, деганидир. Мазкур кўприк вақт занжирини ва бутун бошли авлодларни бирлаштиради, жипслаштиради. Бундай эзгу мақсадни амалга оширишда қўлимдан келган барча ёрдамни аямайман”, - деди у
“Ҳозир Ўзбекистонда давлатни ва жамиятни ўзгартирувчи кенг миқёсли ижобий жараёнлар кетмоқда. Тошкент кинофестивалининг қайта тикланиши Ўзбекистоннинг дунёга ўз эшикларини очиш сари қўйган муҳим қадамларидан бири, деб ўйлайман”, - деб фикр билдирди машҳур кинотанқидчи, киноэксперт Сергей Лаврентьев.
Мазкур масала юзасидан Берлиналенинг расмий вакили Барбара Вурм, МКФ GoEast директори Хелеен Герритсен, Марказий Осиё ва Шарқий Европа кинематографиячиларининг UNIFRANCE департаменти раҳбари, кинотанқидчи Жоэль Шапрон (Joel Shapron), киношунос, Германиядаги Чингиз Айтматов жамғармаси филиали асосчиси Светлана Слапке ва бошқа киноэкспертлар ҳам сўзга чиқиб, бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
Тошкент кинофестивали Ўзбекистон пойтахтида 1968 йилдан бошлаб ўтказиб келинган. У Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинематографиясининг дунёга машҳур, энг катта анжумани бўлган. Тошкент кинофестивали дунё миқёсида катта мавқега эга бўлиб, унда иштирок этган дунё киночилари киносаноатни ривожлантириш масалаларини муҳокама этишган. Ёш кинематографиячилар учун эса тажриба алмашиш, ўрганиш имконини берган.