ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. “Ўзбеккино“ миллий агентлиги ўзининг технологик базасини қайта жиҳозлашни бошлади, деб хабар қилмоқда ЎзА.
Ушбу мақсадда компания раҳбарияти Данияга ташриф буюриб, “Danmon Group” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда кино ускуналари, технологик тизимлари ва мультимедиа маҳсулотлари харид қилиш бўйича музокаралар ўтказилди.
“Ўзбеккино“ компанияси бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, компаниянинг технологик базаси ва унинг бўлимларини ҳар томонлама қайта жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ амалга оширилади.
Янги жиҳозлар ёрдамида давлатимиз ва хориж архив фондларида сақланаётган кинотасмаларни рақамлаштириш ва қайта тиклаш имконини қўлга киритамиз.
“CANON, APPLE, VICON ва шу каби бошқа компаниялар бизга Марказий Осиёдаги энг йирик кино ишлаб чиқариш базасини яратишимизга имкон беради”, дея қўшимча қилди “Ўзбеккино” раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
Янги жиҳозлар билан таъминлаш яқин икки йил ичида амалга оширилиши режалаштирилган.
Кино жиҳозларини модернизация қилиш билан бир қаторда, “Ўзбекфильм” киностудияси майдончаси қайта таъмирдан чиқарилади.