Яккасаройда дарахтларни кесганлардан 1,8 млрд сўмдан зиёд моддий зарар ундирилди

Тошкент шаҳар прокуратураси Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласида кўп йиллик 81 та дарахтларнинг кесилганлиги ҳолати юзасидан текшириш ўтказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Яккасарой тумани “Юнус Ражабий” маҳалласида кўп йиллик 81 та дарахтларнинг кесилганлиги ҳолати юзасидан текшириш ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Натижаларига кўра  Яккасарой тумани ҳокимлиги ва “B. And S.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 198-моддаси (Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Айбланувчиларга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган

Яккасаройда кесилган дарахтлар ўрнига 159 та янги дарахт кӯчатлари ўтқазилмоқда

“Тергов давомида жами 1 млрд. 891,3 млн. сўм миқдорда етказилган зарар ундирилиши таъминланди”, - дейилган хабарда.

Таъкидланишича, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг аниқлик киритишича, “Building And Supplies” МЧЖ томонидан унга ажратилган ер майдонидаги кўп йиллик 81 та дарахтлар қонунга зид равишда кесилганлиги оқибатида ўсимлик дунёсига 630,4 млн. сўм моддий зарар етказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Яккасарой туманидаги илгари тадбиркор дарахтларни ноқонуний кесиб ташлаган ерда 150 та янги дарахт кӯчатлари экилиши хабар қилинган эди.